Дилнавоз Бердиева Тошкан қизи, биохимик
“Аллоҳ
сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража
(мартаба)ларга кўтарур…”. (Мужодала, 11-оят).
Бутун
махлуқотлар ичида бизни инсон қилиб яратган ва бизни онг билан сийлаган, илм
ўрганиш-у илм ўргатишга буюрган Алийм Роббимизга беҳисоб ҳамд-у санолар бўлсин. Охирги
замон пайғамбари, Аллоҳнинг Китоби ва шариатини бизга етказган пайғамбарлар саййиди,
одамларнинг энг яхшиси расули Акрам Муҳаммад с.а.в ҳазратларига саловат-у
дурудлар бўлсин.
Тарих
ҳусусида, илм ҳақида ёзар эканмиз, қалбимизни ҳам ғурур , ҳам масъулият ҳисси
эгаллаб олади. Ал Бухорий, Ал Беруний, Ал Хоразмий, Ибн Сино-ю Мирзо Улуғбекдан тортиб
Алихонтўра Соғунийгача, Шайх Мухаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларигача бўлган
олимлар
силсиласининг ислом ва ислом тараққиётига, илм-у маърифатга қўшган ҳиссаларини
ўрганар эканмиз, шундай олимлар бизнинг юртдан чиққанликлари учун ғурур-у
ифтихорга тўлади қалбимиз. Аммо, мана
шундай аждодларга муносиб бўлмоқлик шарти, ҳисси ҳам бор-ки бу инсонга улкан
масъулият юклайди. Аллоҳ таоло дунё-ю дин илмида аждодларимизга муносиб
бўлмоқликни насиб қилсин. Ислом аҳли яна дунё илми пештахтасига ҳам зарҳал харфлар билан ёзилсин. Зеро, ислом илмга тарғиб қиладиган,
олимликка ундайдиган диндир. Шу боисдан, дунё илмининг соҳаларида мусулмонлар
кўрсатган натижалар ва олиб борилган илмий тадқиқотлар тарих зарварақларида
ўчмас из қолдирган. Мусулмон
олимлар нафақат дин илмида
балки риёзиёт, астрономия, география, математика, биология, табобат илмларида
ҳам ўз даврининг энг пешқадам олимлари бўлишган. Яқин тарихга назар солсак,
Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг хаётлари ҳам фикримизнинг яққол далилидир.
Дин илмида уламо, сиёсатда Туркистоннинг биринчи маршали, табобат илмининг
ривожланишида ҳисса қўшган олимдир.
Саратон ва бепуштликни даъволашда донғи Чиндан Россиягача кетган илм
соҳибидир. Соғуний хазратлари илмни хушловчи, илмга тарғиб қилувчи, илм
ўрганишда ўрнак инсон бўлганлар. Хусусан, Соғуний хазратлари бир маърузаларида
“Инсоннинг ўзига энг яқин ҳалокатли душмани онгсизлик, илмсизликдир. Шунга кўра
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг биринчи сурасини ўқиш, ёзиш, билдириш калимаси билан бошламиш эди. Пайғамбаримиз
с.а.в хазратлари эркак-аёл,
ўғил-қиз
демай бутун умматларини илм ўқишга буюрдилар. Кераклигича дин илмини ўқиш
ҳаммага фарз қилинганидек ўз хукуматини, ватанини, миллатини сақлаш учун
замонавий фан илмини ўқиб билишлик ҳам фарздир” дейдилар(1). Дарҳақиқат, онг
инсонга тафаккур қилиш учун берилган, инсон онг билан бошқа мавжудотлардан азиз
қилинган. Онгнинг вазифаси дунёни, ўзликни англаш эмасми?! Бас, шундай экан,
нега ҳозир мусулмонлар дунё илмида оқсамоқдамиз?! Статистикага эътибор қилсак,
2015 йил ҳолатига кўра, ўн иккита Нобел мукофоти совриндорлари мусулмонлар эди.
21-асрда Нобел мукофотига ўн иккита мусулмон мукофотга сазовор бўлди. Ўн икки
ғолибнинг етти нафари Тинчлик учун Нобел мукофотига сазовор бўлишди. Гарчи мусулмонлар дунё аҳолисининг
23,2 фоизини ташкил қилсалар ҳам, улар 1901 йилдан 2015 йилгача барча Нобел
мукофотларининг 1,4 фоизига эга бўлишди. Бу кўрсаткични ошириш вақти илмга
тарғибот вақти келди. Илмга тарғиб қилишнинг энг яхши воситаси тарихдир.
Тарихий олимларимиз ким эканлигини англатмоқ, улар ҳақида, илм ва дунё илми
ҳақида кўп ва хўп
маърузалар қилмоқ, тарғиб қилмоқ лозимдир. Чунки, моҳиятан ислом илм динидир.
Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳи) ўзининг машҳур “Ал-Жомиъ
ас-Саҳиҳ” номли китобининг “Илм китоби” бўлимида илм ҳақида 102 та ҳадис,
Имом Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳи) эса “Иҳёу улумиддин” номли асарларида илм,
илм олиш ва таълим беришнинг фазилати ҳақида 55 та ҳадис келтирганлар. Бошқа
муҳаддис имомларимиз томонидан ҳам илм борасида юзлаб ҳадиси
шарифлар ривоят қилинган. Юқорида зикр қилинган 1000 га яқин оятлар ва юзлаб
ҳадисларнинг барчасида илм ва илм эгаларининг келажаклари порлоқ экани баён
этилган ҳамда илмдан узоқ ва унга лоқайд бўлганларнинг
оқибатлари яхши бўлмаслигидан огоҳлантирилган. Жумладан Аллоҳ таоло
“Зумар” сурасининг 9- оятида: “Сен: Биладиганлар билан
билмайдиганлар тенг бўлармиди?, деб айт”, деб марҳамат қилган (2). Аллоҳга севимли бўлиш йўлида фарзандларни
тарбияламоқ бизнинг бош мақсадимиздир. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кучли
мўмин Аллоҳ таолога кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир..” дедилар. Имом
Муслим ривоятлари. Дарҳақиқат, кучли мўмин бошқа мўминларга, инсонларга,
жамиятга кўпроқ фойдаси тегади. Кучли мўмин бу билак кучи кучли дегани эмас,
билими кучли деганидир. Илмли инсон ватанини илм билан шарафлантиради,
миллатини имиджини ожиради, исломга ҳизмат қилади. Шу боисдан ҳам “Мозийга қараб иш тутиш хайрликдур”. Мозийдан сабоқ олиб ёш авлодни илмга чанқоқ, тарихга
муносиб, исломнинг олд умматларидек тарбиялаш бизнинг бурчимиздир. Зотан, ер
юзига дунё илмини ҳам ислом ёйгандур. Зотан, илм марказлари, илм ўчоқлари
бизнинг юртимиз бўлган. Генетикамиз шундай кучли экан, демак ухлаб ётган смарт
генларни уйғотайлик. Ислом олимлари дунё илми марказлари минбарларида барчага
сабоқ берсинлар. Бу заминда яна Синолар, Хоразмийлар, Берунийлар, Фаробийлар,
Соғунийлар етишиб чиқсин. Илм билан Аллоҳ бизни азиз қилсин.
Фойдаланилган
адабиётлар ва сайтлар рўйҳати:
1.
Ёқубжон
Хўжамбердиев. Соғуний. 55-бет. Шарқ нашриёти. 2018 й.
P.S. Ушбу тезисим “ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИДА БУХОРО МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ МЕРОСИНИНГ УМУМБАШАРИЙ АҲАМИЯТИ” xалқаро илмий-амалий онлайн-анжуманида эълон қилинди. Шу ерда ҳам турсин. фойдали бўлар ин шаа Аллаҳ. Ха-я, давоми бор... :)